13:10 29.01.2025Янги Наманган туманида таълим соҳасини ривожлантириш ва болалар учун муносиб шароит яратиш мақсадида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилди.
Туманнинг “Атанган гузар” маҳалласидан жой олган 61-бошланғич таълим таянч мактаби қайта қурилиб, замонавий кўринишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим муассасаси илк бор 1995-йилда барпо этилган бўлиб, йиллар давомида синф хоналари таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди. Шунингдек, хоналарнинг етишмаслиги ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ноқулайликлар туғдириб келаётган эди. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида мактабни тубдан реконструкция қилиш бўйича давлат инвестиция дастури асосида лойиҳа амалга оширилди.
Қурилиш ишлари натижасида мактабнинг умумий сиғими 272 ўриндан 480 ўрингача кенгайтирилди. Янги бино барча замонавий талабларга жавоб берадиган тарзда қурилиб, синф хоналари замонавий техника воситалари билан жиҳозланди.
Таълим муассасасининг қайта қурилгани нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар учун ҳам катта қулайлик яратди. Энди улар замонавий ва шинам синф хоналарида дарс ўтиш имкониятига эга бўладилар.
Фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, таълим соҳаси ходимлари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур мактаб таълим сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, келажакда ҳам шундай истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши зарурлигини қайд этишди.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати