17:15 24.10.2025Таълим жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда интерфаол методлардан самарали фойдаланиш мақсадида “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда” шиори остидаги навбатдаги семинар Янги Наманган туманидаги 69-умумтаълим мактабида ташкил этилди.
Ноодатий тарздаги мазкур семинар барча ҳудудларда тажриба-синов тариқасида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда тумандаги илғор, изланувчан ва тажрибали ўқитувчилардан иборат 13 та фан йўналиши бўйича маҳоратли педагоглар дарс жараёнларини олиб бордилар.
Бу эса ўқувчилар учун умуман бегона ўқитувчиларнинг машғулотлар олиб бориши, янгича метод ва интерфаол жараёнларнинг қўлланиши билан аҳамият касб этди.
Тадбирда умумтаълим муассасалари директорлари, шунингдек, туман ҳамда шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари бошлиқлари иштирок этиб, дарс машғулотларининг мазмуни ва сифатини бевосита кузатдилар. Ўқитувчиларнинг инновацион фаолиятини баҳолаш, аниқланган камчиликларни таҳлил этиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаш семинарнинг асосий йўналишларидан бири бўлди.
Кузатув жараёнида мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исаков, туман ҳокими ўринбосари Бекзод Жўраев ҳамда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Музаффар Исаевлар иштирок этиб, таълим сифатини ошириш йўлидаги бундай ташаббусларнинг амалий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Семинар якунида барча фан йўналишлари бўйича эришилган натижалар муҳокама қилиниб, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда педагогларнинг касбий салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати