12:15 30.07.2025Янги Наманган туманида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Ёшлик баҳори” нодавлат таълим муассасаси фаолиятини самарали давом эттирмоқда. 9 ўринга мўлжалланган мазкур масканда ногиронлиги бўлган болалар учун логопед, дефектолог, ипотерапия, массаж, мусиқа ва бошқа 10 турдаги хизматлар кўрсатилади.
Муассасада болалар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган: уч маҳал иссиқ овқат, қулай ётоқхоналар, ўйин ва реабилитация анжомлари, шунингдек, ҳар бир болага индивидуал ёндашув таъминланган. Меҳнат ва ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган машғулотлар эса ота-оналарга манзур бўлмоқда.
Маълумот учун, туманда тиббий кўрсатмага эга 34 нафар ногиронлиги бўлган бола мавжуд. Бугунги кунда уларни парваришлаш, таълим бериш ва соғломлаштириш ишлари ушбу муассаса орқали амалга оширилмоқда.
Туман ҳокими марказ фаолияти билан танишар экан, яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган хизматларни юқори баҳолади. “Ёшлик баҳори” маркази келгусида яна кўпроқ болаларни қамраб олишни мақсад қилган.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати