17:20 25.07.2025Янги Наманган туманида саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция асосида йирик лойиҳа амалга оширила бошлади.
Хитойнинг “Shin Xun” компанияси туманнинг “Саховат” маҳалласидан ер майдони ажратилиши орқали ўз фаолиятини йўлга қўйди. Ушбу лойиҳа доирасида замонавий технологиялар асосида қурилиш материаллари, жумладан, ғишт ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Айни пайтда лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли амалга оширилиб, корхона ишга туширилди. Биринчи босқичда 35 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланди. Корхона кунига 200 минг дона ғишт тайёрлаш қувватига эга бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида кўмир ёқилғисидан фойдаланилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида компания вакиллари туман ҳокими қабулида иштирок этиб, ишчилар учун ётоқхона қурилиши масаласида амалий ёрдам сўрашганди. Муаммо жойида ўрганилиб, ер майдони ва кадастрга оид масалалар юзасидан тегишли чоралар белгиланди.
Лойиҳанинг кейинги босқичларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва умумий ҳисобда 100 нафарга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати