15:25 25.07.2025Янги Наманган туманининг “Гўзал” маҳалласида жойлашган “Valley Toys” корхонаси маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш йўлида самарали фаолият юритмоқда. 2015 йили тадбиркор Толибжон Абдураҳимов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу корхона бугунги кунда болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришда юртимиздаги етакчилардан бирига айланган.
Корхона ойига ўртача 200 минг донага яқин турли хил болалар ўйинчоқларини тайёрлаб, уларни республикамиз ички бозорига етказиб бермоқда. Асосий мақсад – аҳолини арзон, сифатли ва хавфсиз маҳаллий ўйинчоқлар билан таъминлашдир.
Корхонада бугунги кунда 50 нафар ходим доимий иш билан таъминланган. Шунингдек, маҳаллий кооперацияни ривожлантириш мақсадида 200 та хонадон билан ҳамкорлик ўрнатилган. Уларнинг ҳар бирига маҳсулот қисмлари тарқатилиб, уй шароитида йиғиш ишлари амалга оширилади. Бу эса аҳоли бандлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Янги Наманган тумани ҳокими корхонада бўлиб, тадбиркор билан мулоқот қилди. Суҳбат чоғида келгуси режалар, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича фикр алмашилди.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати