Сайт тест режимида ишламоқда!
16-сонли оилавий поликлиникада рақамлаштириш самаралари ўрганилди
  • Янгиликлар
  • 15:35 23.07.2025
  • 76
  • Ҳалқаро ҳамкорлик

Янги Наманган туманида жойлашган 16-сонли оилавий поликлиникада тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, хизмат кўрсатиш тизимини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Айни пайтда мазкур тиббиёт муассасаси “Келажак тонги”, “Шербулоқ”, “Соҳил”, “Ишонч” ва “Истиқбол” маҳаллаларида яшовчи 40 мингдан ортиқ аҳолига бирламчи тиббий санитария хизмати кўрсатмоқда.

Туман ҳокими поликлиникада бўлиб, жорий қилинган рақамли ечимлар ва яратилаётган имкониятлар билан танишди. Хусусан, электрон навбат тизими ва онлайн қабул платформаси фуқароларга уйдан чиқмасдан туриб шифокорлар қабул вақтига ёзилиш, ташриф вақти ва мутахассисни белгилаш имконини яратади. Бу эса навбатлар қисқариши, беморларнинг вақт ва ҳаражатларига тежамкорлик киритилишига хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, рақамлаштириш доирасида ҳар бир беморнинг электрон тиббий карточкаси шакллантирилиб, шифокорлар бемор ҳақидаги барча маълумотларга тезкор кириш имконига эга бўладилар.

Поликлиникада рақамлаштириш орқали тиббий хизмат сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш ва беморлар эҳтиёжларини марказга қўйган янги ёндашув амалиётга жорий қилинмоқда.

Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати