13:35 18.03.2025Янги Наманган туманида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2024 йилда муҳим инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди. Жумладан, “Ёшлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Мустақиллик сув узатиш иншооти” қайта таъмирланиб, унинг имкониятлари кенгайтирилди.
Иншоотдаги мавжуд 1000 куб метрли сув ҳовузи реконструкция қилиниб, қўшимча яна шунча ҳажмга эга янги сув ҳовузи қурилди. Бу эса маҳаллий аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Янги инфратузилма туфайли Янги Наманган туманидаги “Ёшлик” маҳалласида жойлашган “Хумо”, “Сарбон”, “Тараққиёт”, “Достон”, “Исломобод” кўчалари ҳамда “Мустақилликнинг беш йиллиги” маҳалласининг “Юксалиш”, “Ойсара”, “Офарин” кўчаларида яшовчи 5465 нафар аҳоли сифатли ичимлик суви билан барқарор таъминланадиган бўлди.
Бундан ташқари, иншоотга 10 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди, бу эса ойига 7 минг кВт электр энергияси тежалишига олиб келмоқда.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати