13:15 05.02.2025Хабарингиз бор, Наманганда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва шаҳарга кирувчи йўлларни замонавий талабларга мослаштириш мақсадида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу жараённинг муҳим босқичларидан бири – шимолий айланма йўлида жойлашган “Чортоқ йўли” кўприги реконструкциясидир.
Узунлиги 500 метр бўлган мазкур кўприк ҳудуд йўловчилари ва юк ташувчилари учун муҳим аҳамият касб этади. Унинг таъмирланиши орқали йўл ҳаракати хавфсизлиги ошади, тирбандликлар камаяди ва юк ташиш жараёнлари янада самарали ташкил этилади. Реконструкция учун 2 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлиб, бу орқали кўприкнинг муҳандислик тузилмаси мустаҳкамланади, йўл қопламаси янгиланади ва замонавий хавфсизлик технологиялари жорий этилади.
Янги Наманган тумани ҳокими ушбу объектда бўлиб, қурилиш жараёни билан танишди ва унинг тез ҳамда сифатли якунланиши учун мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берди. Ҳозирда барча хавфсизлик талаблари инобатга олинган ҳолда лойиҳани амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати