10:50 01.11.2025Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги “Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази”да ташкил этилган “Жасорат мактаби” 10 кунлик ҳарбий ўқув йиғинининг 5-мавсуми тантанали равишда якунланди.
Наманганда “Жасорат мактаби”нинг 5-мавсуми тантанали якунланди
Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги “Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази”да ташкил этилган “Жасорат мактаби” 10 кунлик ҳарбий ўқув йиғинининг 5-мавсуми тантанали равишда якунланди.
Ёпилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, соҳа мутасаддилари, ҳарбийлар ҳамда ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Тадбир давомида Қоровул қўшинлари ва ҳарбий оркестр томонидан кўргазмали чиқишлар, мусиқий ва ватансеварлик руҳидаги композициялар намойиш этилди.
Учрашувда ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтди, уларнинг таклиф ва фикрлари тингланди. Мурожаатларини ечимга келтириш чоралари белгиланди. Ёшлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, бундай ўқув йиғинлари уларнинг ҳаётий тажрибасини бойитишини, Ватанга садоқат ва фидойилик ҳиссини кучайтиришини таъкидлашди.
Ўқув йиғинини муваффақиятли якунлаган ёшларга махсус сертификатлар ҳамда Ватанпарварлик мавзусидаги китоблар тўплами топширилди. Тадбир самимий изҳорлар, қувонч ва фахр туйғулари, юксак ғурур ва ҳаяжонга бой тарзда ўтди.
“Жасорат мактаби” лойиҳаси ёш авлодда ҳарбий хизматга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, дахлдорлик ҳисси ва фидойилик туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.