15:15 17.10.2025Бугун Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида халқаро таеквондо турнири — “Uzbekistan Open” мусобақаси ўзининг тантанали очилиш маросими билан бошланди.
Мазкур нуфузли мусобақа Халқаро таеквондо федерацияси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Республика Спорт вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Турнирда нафақат Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан, балки Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон ва Россия Федерациясидан ташриф буюрган мингдан зиёд тажрибали ва иқтидорли спортчилар иштирок этмоқда.
Мусобақа ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир тоифа спортчилари ўз вазн тоифасида татамига чиқиб, куч, чаққонлик ва маҳорат синовида беллашмоқда.
Турнирнинг асосий мақсади — халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлаш, ёш спортчиларга халқаро тажриба бериш ҳамда таеквондо спорт турини мамлакатимизда янада оммалаштиришдан иборат.
“Uzbekistan Open” бир неча кун давом этади. Турнир якунида энг кучли спортчилар аниқланиб, улар халқаро миқёсдаги навбатдаги мусобақаларга йўлланма олишади.
Наманган вилояти спорт бошқармаси ахборот хизмати